Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги
Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси
w w w . s a m g k k . u z

 

ALTERNATUS”: экспортни ривожлантириш учун нима фойда ва нима зарар?

              Ҳар қандай иқтисодиёт барқарорлигининг асосий омили, валюта захираларини кўпайтиришнинг ягона йўли экспортдир. Шу боис ҳам мамлакатимиз экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, экспортбоп маҳсулотлар таркибини диверсификация қилиш, экспортда хомашё бўлмаган маҳсулотлар улушини кўпайтириш долзарб масала бўлиб турибди.

Бозорлар ва рақобатни ривожлантириш бўйича “ALTERNATUS” мунозара-таҳлил майдончасининг навбатдаги йиғилишида айни шу мавзу атрофлича муҳокама қилинди. Экспорт қилувчиларнинг янги бозорларга чиқиши ва экспорт диверсификацияси учун қандай шарт-шароитлар кераклиги, бу йўналишдаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари хусусида сўз юритилди.

Очиқ мулоқот Тадбиркорлик фаолияти асослари бўйича республика ўқув маркази, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, ЮСАИДнинг Марказий Осиёда савдо, рақобатбардошлик ва иш ўринлари яратишга оид лойиҳаси билан ҳамкорликда ўтказилди. Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад давлат органлари, бизнес ҳамжамияти, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда халқаро ташкилотлар вакилларининг ўзбек бренди остидаги маҳсулотларни дунёга кенг­роқ танитиш, уларнинг афзалликлари билан таништириш, янги бозорлар ва истеъмолчиларни топиш, халқаро сифат стандартига жавоб бериш учун қандай талаблар мавжудлиги бўйича фикр-­мулоҳаза, нуқтаи назар, таклиф-тавсияларини умумлаштириш ва уларнинг муқобили бўлган экспертлик хулосасини ишлаб чиқишга қаратилди.

Сўзга чиққанлар томонидан кун тартибидаги мавзу ҳар томонлама таҳлил қилинган ҳолда очиб берилди. Масалан, Жаҳон савдо ташкилотининг катта эксперти Йован Йекич Ўзбекистонда ушбу нуфузли халқаро институтга аъзо бўлиш борасида кўрилаётган чоралар, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берди. Шу ўринда Жаҳон савдо ташкилотининг ўзига хос афзалликлари, жумладан, ташкилот унга аъзо мамлакатлар учун дунё бозорида сифат кафолати бўлиб хизмат қилиши, ҳар бир аъзо давлат ўз манфаатини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, шунингдек, ҳамма давлатлар учун бир хил бўлган талабларнинг мавжудлигига тўхталиб ўтди. Экспертнинг таъкидлашича, мамлакат мазкур ташкилотга аъзо бўлгач, импорт товарлари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини сиқиб чиқариши мумкин, деган фикр нотўғри, аксинча, бу ҳолат маҳаллий тадбиркорларни ички ва ташқи бозор учун янада сифатли, хавфсиз ва арзон товарлар тайёрлашга ундайди. Янги бозорларни ўзлаштиришда маҳсулот қайси мамлакатга экспорт қилинса, ўша юртнинг манфаати, истеъмолчисининг талаб-эҳтиёжига мос, стандарт даражасида сифатли, қадоқланган ва сертификатланган бўлиши лозим.

Ўзбекистон қандолатчилари уюшма раиси ўринбосари, тадбиркор Бобур Расулов қайд этганидек, бугунги кунда мамлакатимизда давом этаётган ислоҳотларнинг устувор вазифаларидан бири жаҳон бозоридаги ўрнимизни мустаҳкамлаш ҳисобланади. Лекин унга ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Бунда, энг аввало, рақобатга дош бера оладиган бўлиш муҳим. Бунинг учун ҳукумат томонидан ҳам, тадбиркорлар томонидан ҳам ҳали кўп иш қилиниши керак. Масалан, қандолатчилик соҳасида хомашёнинг кўпи четдан келтирилаётгани экспортга салбий таъсир кўрсатмоқда, айни пайтда ишчи кучи ва электр энергиясининг арзонлигидан унумли фойдаланишга ҳам ҳаракат қилиниши жоиз. Бу борада қўйилаётган ижобий қадамларни янада илдамлатиб, тармоқ маҳсулотларини четга чиқариш ҳажмини оширишга эътиборни кучайтириш лозим.

– Туризм соҳасида Ўзбекистон очиқ мамлакатлар қаторига қўшиляпти, бу соҳага иқтисодиётнинг етакчи тармоғи сифатида катта эътибор қаратиляпти, – деди Туризм­ни ривожлантириш давлат қўмитаси эксперти Иброҳим Мирзаҳмедов. – Шундай бўлса-да, бу йўналишда ҳали муаммолар мавжуд. Айниқса, йўловчи транспорти тизимини такомиллаштириш, иқтисодиёти ривожланган хорижий давлатлардан келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтиришга зарурат бор.

“Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти вакили Сарвар Исканаджиев жаҳон бозорида ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ўзининг таъми билан ном қозонган бўлса-да, лекин унинг қадоқланиши дунё талабига тўғри келмаслигига эътиборни қаратди. Яъни, мева-чевалар аксарият ҳолларда ҳамон ёғоч яшикларда жўнатиляпти. Бу, албатта, уларнинг сифатига салбий таъсир кўрсатиб, рақобатбардошлилигини пасайтиради.

Мустақил иқтисодчи-эксперт Юлий Юсупов ташқи савдони ва экспортни ривожлантиришнинг жаҳон тажрибасида кузатилган омиллари хусусида сўз юритди. Унинг эътироф этишича, бу борадаги муваффақиятнинг қарийб 95 фоизи, энг аввало, мамлакат ичида бизнес учун яратилган шарт-шароит ва ишбилармонлик муҳитига боғлиқ. Маҳсулот рақобатбардош бўлиши учун у сифатли ва арзон бўлиши керак. Бу эса, ўз навбатида, камхарж бизнес юритишни талаб этади. Шу билан бирга, мулк эгаси ҳуқуқларини зарур даражада ҳимоя қилишга тўғри келади. Монополияни қисқартириш, рақобат учун керакли шароит мавжуд бўлиши лозим. Экспортга йўналтирилган иқтисодиётни тараққий топтиришда бу борадаги муаммоларни ҳал этиш муҳим саналади. Экспортолди молиялаштиришни йўлга қўйиш ҳам долзарб вазифалардан биридир. Бундан ташқари, жаҳон тажрибасини қўллаган ҳолда экспорт қилувчиларни (сертификатлаштириш, маркетинг тадқиқотлари, қадоқлаш, молиялаштириш каби масалаларни ўз ичига олган) қўллаб-қувватлашга қаратилган махсус дастурларни ҳаётга жорий этиш катта аҳамиятга эга. Мустақил эксперт дунё амалиётидан келиб чиқиб қандай хатоликларни такрорламаслик кераклигига ҳам урғу берди. Яъни алоҳида корхоналар учун индивидуал имтиёзларни, сунъий монополияни, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун ҳар хил шароитни яратиш фақат зарар қилади.

ЮСАИДнинг маркетинг бўйича маслаҳатчиси Фурқат Алимуҳамедов ўз тақдимотида диверсификация ҳисобига рискларни пасайтиришнинг асосий жиҳатларига тўхталиб, ўзбек маҳсулотларининг ташқи бозордаги жойлашуви, асосий ҳамда янги бозорлар бўйи­ча статистик маълумотларни келтириб ўтди. Тадқиқотларда Ўзбекистон узум, гилос каби маҳсулотлар экспорти бўйича етакчи эканлиги, бизнинг помидор, шунингдек, дуккакли маҳсулотларимизга талаб катталиги, айни пайтда бу борадаги ишларни янада ривож­лантириш, лимон, қовун ва анорни кўпроқ экспорт қилиш имкониятларини кенгайтириш мумкинлиги кузатилган. Шу билан бирга, қайд этилганидек, ташқи бозор талабларига ҳар томонлама жавоб бера олиш, маҳсулот етиштиришда илғор ғоя ва технологиялардан кўпроқ фойдаланиш тақозо этилади.
ЮСАИД ўзининг шу борадаги таҳлиллари асосида вазирлик ва идоралар, ўз маҳсулотини экспорт қилмоқчи бўлган субъектлар билан фойдали маълумот алмашишга тайёр.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти эксперти Зулфия Костюченко саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш учун шароит яратишнинг муҳим йўналишлари юзасидан амалга оширилган таҳлиллар билан таништирди. Натижалари бўйича тайёрланган маълумотга кўра, экспорт таркибида хом­ашёнинг улуши ҳамон юқори бўлиб, у 28,5 фоизни ташкил этмоқда. Ўзбекистон маҳсулотлари асосан Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия ва Афғонистон каби мамлакатларга жўнатилмоқда. Логистика инфратузилмаси ривожи паст даражада, экспортни расмийлаштириш чоғида кўп сонли ҳужжатларни тақдим этиш ва тўловларни амалга ошириш ҳолатлари мавжуд.

Хитой Халқ Республикасининг “A-Test Complianсe Services Ltd. Co” компанияси президенти Цао Синь ҳам мавзуга оид фикрларини билдириб, Хитой экспорт маҳсулотларига нисбатан юқори талабларга эга мамлакатлардан бирига айлангани, маҳсулотини экспорт қилмоқчи бўлган тадбиркорлар, энг аввало, мазкур талабларни ўрганиши ва унга мос равишда товар савдосини амалга ошириши кераклигини, бу ҳақдаги маълумотлар эса очиқлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбир якунида мавзуга доир кўтарилган барча фикр-мулоҳазалар умумлаштирилган ҳолда бир қатор таклиф-тавсиялардан иборат хулоса чиқарилди. Биринчидан, мамлакатимизда экспортга йўналтирилган иқтисодиётни шакллантиришга оид жараён кетмоқда, аммо уни янада ривожлантириш зарур. Иккинчидан, логистика тизими ва инфратузилмани яратиш, қадоқлаш борасидаги муаммоларни ҳал этиш даркор. Учинчидан, ички сертификатлаштириш ва аккредитация ишларини такомиллаштириш, уни жаҳон стандартларига мослаштириш лозим. Тўртинчидан, маркетинг ва брендлаштиришга эътиборни қаратиш муҳим. Бешинчидан, экспорт масаласига доир маълумотлар базасини шакллантириш, экспорт ва молиявий соҳадаги билим-малакани ошириш чораларини кўришга аҳамият қаратиш керак.

Замира ТОЖИЕВА.

 манба: http://www.biznes-daily.uz/ru/component/content/article/63938--alternatus


Киритилган вақти: 02/04/2019 19:31;   Кўрилганлиги: 191
 
Материал манзили: http://samdavaktiv.uz/news/boshqarma-xabarlari/alternatus-eksportni-rivojlantirish-uchun-nima-foyda-va-nima-zarar
Чоп этилган вақт: 19/09/2019 19:45
Ишонч телефони 0 (366) 231-01-30

Йил дастури

Сўровнома

Ўзингиз учун зарур маълумотни олдингизми?

Онлайн тизимлар

 

 

Ўқиш учун ушбу тугмани босинг