Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги
Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси
w w w . s a m g k k . u z

 

“KOMFORT DIZAYN” МЧЖнинг мурожаатларига Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан муносабат билдирилди

Сўнги вақтларда ижтимоий тармоқларда “KOMFORT DIZAYN” МЧЖ раҳбари Б.Усманов томонидан Самарқанд тумани, Ўрташиқ қишлоғида жойлашган омборхона биносида 2017 йилдан буён фаолият кўрсатиб келганлиги ҳамда корхонада 40 киши доимий иш билан таъминланиб, қурилишда ишлатиладиган 17 турдаги алюминий профили ишлаб чиқарилганлиги, бироқ, юқоридаги бино бўш турган бино сифатида оммавий танлов савдоларига қўйилиб, “ноль” қийматда берилишидан шунингдек, мазкур  масалада ҳокимлик, прокуратура ва бошқа органларга қилинган мурожаатларининг кўриб чиқилишидан норози эканлиги акс эттирилган мурожаатлар жойлаштирилган.

Аслида, ҳолат қуйидагича:

Б.Усманов мурожаатида келтирилган Самарқанд тумани, Ўрташиқ қишлоғида жойлашган омборхона биноси вилоят ҳокимлиги Инжиниринг компанияси балансида бўлиб, компаниянинг 19.09.2017 йилдаги 01-1741-сонли хатига асосан омборхонадан фойдаланишга эҳтиёж қолмаганлиги туфайли хусусийлаштириш дастурига киритилишига қаршилиги йўқлиги маълум қилинган.

 Самарқанд тумани, Ўрташиқ қишлоғида жойлашган қурилиш омбори бино ва иншоотлари Самарқанд вилояти ҳокимининг 2018 йил 14 февралдаги 92-Қ-сонли қарорига асосан инвестиция мажбуриятлари эвазига “ноль” харид қийматида танлов савдолари орқали хусусийлаштирилиши белгиланган.

Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ижара маркази, Инжиниринг компанияси (балансда сақловчи) ва “KOMFORT DIZAYN” МЧЖ ўртасида 2018 йил 30 январда тузилган 13-сонли ижара шартномаси 2018 йил 27 март куни тузилган келишув битимига асосан муддатидан олдин бекор қилиниб, объект ижарага олувчи яъни, “KOMFORT DIZAYN” МЧЖ томонидан балансда сақловчига топширилган.

Балансда сақловчи ташкилот, яъни Инжиниринг компанияси ва туман ҳокимлиги таклифлари асосида объектнинг минимал танлов шартлари, яъни инвестиция миқдори, бажариш муддати ва янги иш ўринлари сони ҳудудий танлов комиссиясининг 2018 йил 30 мартдаги 04-3-179-сонли йиғилиш баёни билан тасдиқланган бўлиб, унга кўра объектга 1 йил 6 ой муддатда 1 800,0 млн. сўм инвестиция киритиш ва
40 та янги иш ўринлари яратиш шарти билан танлов савдоларига чиқарилган.

Танловда иштирок этиш учун буюртманома тақдим этиш тартиби, муддати ва жойи, тақдим қилинадиган хужжатлар рўйхати ҳамда танлов шартлари тўғрисидаги маълумотлар “Биржа” ва “Зарафшон” газеталарининг 2018 йил 7 апрелдаги сонларида ҳамда “Правда востока” ва “Самаркандский вестник” газеталариниш 2018 йил 7 апрелдаги сонларида, Давлат рақобат қўмитасининг www.gkk.uz ва www.privatization.gkk.uz,  вилоят ҳокимлигининг www.samarkand.uz ҳудудий бошқарманинг www.samgkk.uz расмий сайтларида шунингдек, интернет тармоқларидаги “Facebook”нинг “Халқ билан мулоқот”’ ва www.olx.uz саҳифасига жойлаштирилган.

Самарқанд вилояти ҳудудий танлов комиссияси томонидан 2018 йил 10 майда ўтказилган танлов савдосида мазкур объектни “ноль” қийматда олиш бўйича 7 та талабгорларнинг танлов таклифлари шу жумладан, “KOMFORT DIZAYN” МЧЖнинг танлов таклифи (инвестиция миқдори 5591,5 млн. сўм, бажариш муддати 1 йил 6 ой, яратиладиган иш ўринлари 55 та) кўриб чиқилган ва танлов натижаларига асосан танлов ғолиби деб танлов таклифлари танлов шартларига энг кўп даражада мувофиқ деб топилган “GIDRO KAPITAL MELIO QURILISH” МЧЖ (инвестиция миқдори 7680,0 млн. сўм, бажариш муддати 11 ой, яратиладиган иш ўринлари 106 та)эътироф этилган ва тарафлар ўртасида тегишли олди-сотди шартномаси имзоланган.

Танлов ғолиби, яъни “GIDRO KAPITAL MELIO QURILISH” МЧЖнинг аризасига асосан вилоят рақобат бошқармаси томонидан Тайлоқ туманлараро иқтисодий судига 2018 йил 11 июлда 2184-01/22-сонли даъво аризаси билан мурожаат қилинган бўлиб, суднинг 2018 йил 5 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан “KOMFORT DIZAYN” МЧЖни Самарқанд тумани, Ўрташиқ қишлоғида жойлашган қурилиш омбори бино ва иншоотларидан мажбурий тартибда чиқариш белгиланган.

Мазкур қарордан норози бўлиб, вилоят иқтисодий судига киритилган 2018 йил 15 октябрдаги 35-Б-сон кассация шикояти вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясининг 2018 йил 18 декабрдаги 4-1405-1801/1680-сонли қарори билан қаноатлантиришдан рад этилган ва Тайлоқ туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 5 сентябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Шунингдек, юқорида қайд этилган танлов натижаларидан норози бўлиб, Самарқанд шаҳар маъмурий судига киритилган ариза асосида чиқарилган маъмурий суднинг 2018 йил 25 августдаги ҳал қилув қарорига кўра, танлов комиссияси қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво талаблари  қаноатлантиришдан рад қилинган бўлиб, Навоий вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 1 ноябрдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

         Ушбу қарорлардан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига назорат тартибида киритилган шикоят бўйича қабул қилинган судлов ҳайъатининг 2019 йил 29 мартдаги қарорига асосан Самарқанд шаҳар маъмурий судининг 2018 йил 25 августдаги Ҳал қилув қарори ва Навоий вилояти маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 1 ноябрдаги қарори ўз кучида қолдирилиб, назорат шикоятини қаноатлантириш рад қилинган.

Бундан ташқари, мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари (қарори) устидан, яъни вилоят ҳокимининг 2018 йил 14 февралдаги 92-Қ-сонли қарорининг 2-иловаси, 17-бандини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризасига биноан Оқдарё тумани маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, суднинг 2019 йил 10 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, важлар суд мажлиси жараёнларида тегишли тартибда исботлаб берилмаганлиги шунингдек, вилоят ҳокими қарорини ҳақиқий эмас деб топиш учун асослар мавжуд эмаслиги инобатга олиниб рад қилинган.

 Мурожаатларни ўрганиб чиқиш натижаси бўйича ҳудудий бошқарма томонидан “KOMFORT DIZAYN” МЧЖга бўш турган жумладан, оммавий савдоларга чиқарилган объектлар тўғрисидаги маълумотлар тақдим қилиниб, ушбу масалада ваколат доирасида амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканлиги билдирилди.


Киритилган вақти: 15/11/2019 15:58;   Кўрилганлиги: 49
 
Материал манзили: http://samdavaktiv.uz/news/boshqarma-xabarlari/komfort-dizayn-mchjning-murojaatlariga-davlat-aktivlarini-boshqarish-agentligi-samarqand-viloyat-hududiy-boshqarmasi-tomonidan-munosabat-bildirildi
Чоп этилган вақт: 11/12/2019 19:55
Ишонч телефони 0 (366) 231-01-30

Йил дастури

Сўровнома

Ўзингиз учун зарур маълумотни олдингизми?

Онлайн тизимлар

 

 

Ўқиш учун ушбу тугмани босинг